Украина мухолифати “Тақдир ҳазили” фильмининг ман этилишидан норози

Жамият 24 Декабрь 2015 3493

Украинанинг “Мухолиф блок” партияси Украинада бир қатор совет даври фильмлари, шу жумладан, “Тақдир ҳазили ёхуд қушдай енгил бўлинг!” картинасининг тақиқланиши муносабати билан судга даъво аризаси киритади. Бу ҳақда партиянинг сайти орқали хабар қилинди.

“Мухолиф блок Украинада совет даврининг машҳур фильмлари бўлмиш “Тақдир ҳазили ёхуд қушдай енгил бўлинг!”, “Кавказ асираси”, “Гардемаринлар, олға!”, “Катта танаффус” ва бошқаларнинг ман қилинишини аҳмоқлик деб баҳолайди. Биз судда ақлдан озган маданият соҳаси амалдорларининг бу аҳмоқона қарори билан баҳслашмоқчимиз”, — дейилади хабарномада.

“Совет фильмларини кўриб улғайган амалдорлар бирданига уларнинг мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солаётганини пайқаб қолишди”, — деб киноя қилади мухолифат вакиллари.

Илгарироқ маълум бўлишича, “Тақдир ҳазили” фильми Янги йил арафасида Украина телеканаллари орқали намойиш этилмайди, негаки фильмда ўйнаган актриса Валентина Тализина Украина миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи шахслар санкцион рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, октябрь ойида Украина кино агентлиги намойиши ман қилинган фильмлар рўйхатини кенгайтирди.

Кўпроқ янгиликлар