АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти бир неча йил олдин Суриядаги зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ҳукумат доирасида Башар Асадга қарши амалдорларни излаб, улар ёрдамида давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ўз манбаларига асосланиб, хабар тарқатди.

Хабарда ёзилишича, Башар Асадни кетказиш мақсадида ҳукуматнинг бир қанча вакиллари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинган. АҚШ биринчи навбатда ҳарбий тўнтариш амалга ошириш мақсадида ҳукуматдаги энг заиф нуқталарни излаган, лекин топа олмаган.

Бу жараёндаги ишлар ўта эҳтиёткорлик билан олиб борилган. Баъзида вакиллар билан тўғридан-тўғри, баъзида эса сурияликларнинг асосий иттифоқчилари ҳисобланмиш Россия ҳамда Эрон воситачилигида мулоқотлар ўрнатилган.

"АҚШ Сурияда давлат тўнтаришини амалга ошириш мақсадида 2011 йилдаёқ тартибдаги “дарз кетган” жойларни аниқлашга ҳаракат қилган. Аммо бундай жойлар кутилганидек кўп бўлиб чиқмади. Америка махсус хизмати ходимлари янги ҳукумат бошига келишга тайёр алавит зобитларни топишга муваффақ бўлишди, холос".

"2011 йил Оқ уй сиёсати амалдаги тартибда “ёриқ жойларни” аниқлаш эвазига сиёсий тўнтаришни амалга оширишдан иборат эди. “Янги ҳукумат” тепасига келадиган одамларни қандай йўл билан бўлмасин Асаддан воз кечишларига кўндиришимиз лозим эди, хабар беради АҚШ президенти маъмуриятининг собиқ ходимларидан бири.

Нашрда ёзилишича, 2012 йилнинг ёзида АҚШ президенти маъмуриятининг бу лойиҳаси муваффақиятсизликка учраган деб ҳисобланган. Шундан сўнг, АҚШ мамлакатдаги исёнчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашни бошлаган, лекин бу йўл ҳам керакли самараларни келтирмаган.

Охирги ойларда ҳам Оқ уйда Асадга қарши мухолифатни қўллашни давом эттириш ёки ИШИДга қарши курашда Асад билан бирлашиш вазифаларидан қайси бирини танлаш бўйича муҳокамалар давом этгани айтилган.

Бундан олдинроқ, АҚШ Давлат котиби Жон Керри расмий Вашингтон Сурияда Башар Асаднинг ҳукуматини алмаштиришга уринмаслиги ҳақида айтганди.

Сурияда 2011 йилнинг март ойи бошланган қуролли можаро ҳанузгача давом этмоқда. Бунда қуролланган террор уюшмалари (ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи жангарилари) давлат армияси аскарларига қарши курашиб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қонли тўқнашувлар 250 минг киши ҳаётига зомин бўлган.