Ўзбекистон президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим кафолати бўлди. Мазкур қарор асосида юртимизнинг барча ҳудудида «Камолот» уйлари барпо этилиб, ёш оилаларга топширилмоқда.

"2015 йил Жамшид Шукуровлар хонадони учун омадли бўлди. Ёш оила пойтахтимизнинг Сергели туманида қад ростлаган «Камолот» уйлари соҳибларидан бирига айланди", дейилади ЎзА хабарида.

"Яшаш учун ҳар томонлама қулай «Камолот» уйига кўчиб ўтганимдан қанча қувонган бўлсам, тенгдош ва ҳамфикр қўшнилар борлиги яна бир омадим. Фарзандлар тарбиясида, уларнинг қандай инсонлар бўлиб камолга етишида улар билан бирга улғаяётган қўшни болаларнинг аҳамияти катта. Қўшниларимизнинг барчаси маълум бир соҳада ютуққа эришган, жамиятимизда ўз ўрнини топа олган ёшлардан иборат", – дейди Ж.Шукуров.

Каттақўрғон туманининг Алижон қишлоғида туғилган Жамшид Шукуров тўрт фарзандли оиланинг тўнғичи. Ота-онаси паррандачилик фермасида ишчи бўлиб фаолият юритмоқда. Улар фарзандларининг билим олиши, ўқиб-ўрганиши учун зарур бўлган барча шароитни яратди. Мактабни аъло баҳоларда тамомлаган Жамшид 2005 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети кимё факультетининг бакалавр, 2007 йилда магистратура босқичини битирди. Сўнг Ўзбекистон Фанлар академиясида тадқиқотчи-изланувчи бўлиб иш бошлади. Ҳозирги кунда академияда катта илмий ходим-изланувчи лавозимида фаолият юритмоқда. Иш фаолияти давомида Ж.Шукуровнинг қирққа яқин илмий мақоласи мамлакатимиз ва чет эл нашрларида чоп этилди.

Ёш олим ҳозирги кунда маҳаллий хомашё асосида кўп функцияли таъсирга эга бўлган дефолиантлар, яъни ғўза баргларини тўкувчи технология олиш устида илмий иш олиб бормоқда.

"Ўғлимнинг имтиёзли равишда “Камолот” уйлари соҳиби бўлгани ҳақидаги хушхабарни бутун оиламиз билан катта хурсандчиликда кутиб олдик. Мамлакатимизда ёшларга, ёш оилаларга кўрсатилаёган бундай эътибор биз каби ота-оналарнинг ҳам мушкулини осон қилмоқда. Янги йилни фарзандим, набираларим билан янги уйда кутиб олишни ният қилдик. Ёшлар эришаётган ютуқлар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, хонадонлардаги файзу-барака истиқлол берган улуғ неъматлардир", – дейди Жамшиднинг отаси Султон Шукуров.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашидан маълум қилишларича, 2015 йилда икки мингдан зиёд ёш оила шинам уй-жойларга эга бўлди. Соғлом она ва бола йилида ҳам бир ярим мингга яқин «Камолот» уйлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Жорий йилда биргина Тошкент шаҳридан 165 ёш оила «Камолот» уйлари соҳибларига айланди.

“Камолот” уйларини ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бундай уйларни турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, шунингдек, ариза берилган пайтда 30 ёшдан ошмаган эр-хотинлар ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ “Камолот” уйларидаги сотиб олинадиган хонадонлар қийматини тўлаш учун, бошланғич бадал киритилмасдан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга, жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга бериш белгилаб қўйилгани ёш оилалар учун катта имкониятдир.

Мазкур замонавий уйларни қуришда ёшларнинг оилавий шароити ҳисобга олинган. Масалан, янги турмуш қурган ёш оилаларга икки хонали, икки ва ундан кўп болали оилаларга уч хонали уйлар берилаётир. Бу оилаларнинг нафақат турмуш шароитини яхшилаш, балки фарзандларини ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек эзгу интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

"Қувонарлиси, бу уйларни олишга доир ҳужжатларни тайёрлаш, уларни расмийлаштириш жуда осон кечди, – дейди Гўзал Анорқулова. – Хонадонимизда ёш оила учун барча шароит мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонга алоҳида ички иситиш мосламалари ўрнатилганлиги ёш оилаларга моддий жиҳатдан ҳам кўмак бўлди.