АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан Яқин Шарқдаги насронийлар ва езидлар каби бошқа кичик гуруҳларнинг ўлдирилишини геноцид ҳаракатлари деб тан олишга чақирилди, деб хабар бермоқда Asbarez нашри.

Бундай таклиф билан АҚШ конгресси вакиллари палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси бошлиғи, республикачи Эд Ройс бошчилигидаги 30 нафар депутатлар гуруҳи чиқди.

“Маъмурият фақатгина езидларга нисбатан геноцид амалга оширилганини эълон қилмоқчи. Бу орада у ИШИД, шунингдек, насронийлар ва бошқа кичик гуруҳларга ҳам қарши геноцид олиб бораётгани ҳақида ҳеч нарса демаяпти”, дейилмоқда таклиф матнида.

Таклиф муаллифлари ўз хатларида, шунингдек, ижрочи ҳокимиятни конгресс билан бу масалада маслаҳатлашув ўтказишга чақирди.