«General Motors Powertrain Uzbekistan» қўшма корхонаси ишчилари завод яқинида жойлашган 237 мактабда экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган махсус тадбир ташкил этишди. Мактаб ўқувчилари билан учрашув компаниянинг ижтимоий масъулликка йўналтирилган лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Тадбирда ўқувчиларга «General Motors» компаниясининг ривожланиш тарихи ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тақдимотлар намойиш этилди. Компаниянинг экология ва атроф-муҳит бўйича менежери Озода Исмаилова болалар билан биргаликда ҳавонинг ифлосланиши, биологик хилма-хилликни асраш, чиқиндиларни утилизация қилиш каби глобал муаммоларни муҳокама қилиш билан бирга атроф-муҳит муҳофазаси бўйича «General Motors Powertrain Uzbekistan» қўшма корхонаси амалга ошираётган ишлар ҳақида ҳикоя қилиб берди. Мактаб ўқувчилари билан қизғин суҳбат тарзида ўтказилган тадбирда болажонлар компания ва унинг тизимида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди. Тадбир сўнгида корхона ишчилари ишлаб чиқаришдан ортиб қолган материаллардан тайёрланган қуш уяларини болажонлар ўзлари ўрнатишлари учун уларга тақдим этишди.