Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасига энерготехнологияларни татбиқ қилишга мўлжалланган қўшма корхонага асос солмоқчи.

Маълум қилинишича, томонлар тенг ҳуқуқли асосда қўшма корхона яратиш ҳақида меморандум имзолашди. SOCAR бу лойиҳани амалга ошириш учун зарурий жиҳозлар ва технологияларга эга. Компания энергияни тежаш ва энергиянинг муқобил манбалари соҳасига энг янги ишланма ва технологияларни татбиқ қилиш билан шуғулланади.

Янги корхонанинг биринчи навбатдаги вазифаси “Ўзбекнефтегаз” корхоналарида комплекс энергия аудитини ўтказиш бўлади. Қўшма корхонани яратиш бўйича таъсис
ҳужжатлари 2016 йилнинг 1-ярмида имзоланиши мумкин.

“Ўзбекнефтегаз” 2030 йилгача энергия тежовчи технологияларни молиялаштириш учун 500 млн доллар йўналтиришни режалаштирмоқда. Бунда турли технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу технологияларни қўллашдаги энергия тежаш салоҳияти йилига 2,5 млрд куб метр табиий газ атрофида баҳоланган.