Ўзбекистон аҳолисини балиқ маҳсулоти билан етарлича таъминлаш учун йилига 400 минг тонна балиқ етиштириш керак бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси директори Руҳулло Қурбонов маълумот берди.

Унинг сўзларига қараганда, 1 киши йилига 11 килограмм балиқ истеъмол қилиши лозимлигини таъкидлайди. Дунёда бу кўрсаткич 2000 йилги маълумотга асосан, ўртача 16,6 килограммни ташкил этган. Ўзбекистонда бунинг учун йилига 400 минг тонна балиқ етиштириш керак бўлади. Шу боис балиқчилик соҳасини анчайин кенгайтириш, керак бўлса, ҳар бир қишлоқда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш талаб этилади.

“Балиқ етиштиришни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2009-2011, 2012-2015 йилларга мўлжалланган манзилли дастурлар қабул қилинган эди, — унинг сўзларини келтиради “Оила даврасида” газетаси. — Натижада тармоқнинг ишлаб чиқариш қуввати қайта тикланди ва сервисларга асос солинди. Балиқ етиштириш ҳажми ҳам жадал ошди. Биргина ўтган йилнинг ўзида аҳолига 46534 (сунъий ҳавзалардан — 30381, табиий ҳавзалардан — 16153) тонна балиқ етказиб берилди. Шунингдек, 9,5 минг гектарлик ҳавзалар майдони салкам 20 минг гектарга кенгайди”.