Дуров Telegram фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларни ҳукуматга беришдан бош тортди

Жамият 25 Декабрь 2015 5887

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Интернетни ривожлантириш институти раҳбари Герман Клименконинг “Telegram ёки ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилади, ёки ёпилади” деган сўзларига изоҳ берди. Клименко бу ҳақда “Дождь” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Telegram’дан АҚШда ҳам, Францияда ҳам, Германияда ҳам кириш кодларини беришни сўрашади, у ёки буни қилади, ёки ёпилади”, деб айтганди Клименко. Бироқ Дуров Клименконинг фикрига қарши чиқмоқда.

“Президентнинг бўлғуси маслаҳатчиси мавжуд бўлмаган хорижий тажрибага таянмоқда: Германияда ҳам, Францияда ҳам, АҚШда ҳам мулоқотнинг хавфсиз усуллари тақиқланмаган. Сабаби оддий: техник томондан барча қонунга бўйсунувчи фуқароларнинг шахсий ёзишмаларини хавф остига қўймасдан фақатгина террорчиларни хавфсиз мулоқот қилишдан маҳрум этиб бўлмайди”, деб ёзди Дуров “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Дуровнинг таъкидлашича, Россия шароитларида фуқароларнинг шахсий ёзишмаларига кириш маълум ҳақ эвазига исталган фойдаланувчини “тинглаш” мумкин бўлган “қора бозорнинг” вужудга келишига олиб келади. Унинг айтишича, Telegram учинчи томонларга фойдаланувчилар ҳақидаги шахсий маълумотлар ва шифрлаш калитларини бермаган ва бермайди ҳам. Унинг айтишича, мессенжернинг бир ёки икки бозорда тўсиб қўйилиши таҳдиди Telegram’нинг маҳфийлик сиёсатига таъсир қила олмайди.

Кўпроқ янгиликлар