Қирғизистон Миллий банки бриллиант кўзлари бўлган коллекцион олтин тангани муомалага чиқарди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий банки нақд пул бошқармаси бошлиғи Шомил Айдарқулов маълум қилди.

Айдарқуловнинг айтишича, 2015 йил 25 декабрдан Миллий банк “Қор барси” деб номланган ушбу коллекцион олтин тангани муомалага киритди. Танганинг олд томонида бриллиант кўзларга эга қор барси тасвирланган. Танганинг тепа қисмида қирғиз тилида “Ак илбирс” ва лотин тилида “Uncia uncia” деган ёзув бор. Пастки қисмида эса олтин пробаси (Au 999) ва танганинг қиймати (200 сўм) кўрсатилган. Танганинг орқа томонининг марказида Қирғизистон герби, айлана бўйлаб Қирғизистон ҳайвонот дунёсининг ноёб вакиллари тасвирланган. Тепа қисмида “Кыргызстандын Кызыл китеби” ва пастки қисмида танга ишлаб чиқарилган йил, яъни “2015” ёзуви бор.

Танга Қирғизистон ҳайвонот дунёсининг ноёб вакилларини сақлаб қолиш ва оммавийлаштириш мақсадида чиқарилган. Танга “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларга бағишланган Қирғизистон Миллий банкининг тангалар коллекциясини давом эттиради. Ушбу танга жорий йилда чиқарилган 7-коллекцион танга бўлди. Янги танганинг ўзига хос жиҳати шундаки, у аввалги тангалардан деярли икки марта оғирроқ, диаметри ва қиймати бўйича ҳам каттароқ. Барснинг кўзларига 0,09 каратли бриллиантлар қўйилган.

Танганинг оғирлиги 15,55 граммни ташкил қилади. У минг дона нусхада ишлаб чиқарилган. Тангани 64 минг 950 сўмга сотиб олиш мумкин.