Тожикистон 4 йил аввал имзоланган МДҲнинг эркин савдо ҳудуди ҳақидаги келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда МДҲ расмий сайтида жойлаштирилган хабарда айтилмоқда.

Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Неъматулло Ҳикматуллозоданинг айтишича, Тожикистоннинг бутун ташқи савдо айланмасининг деярли ярми МДҲ таркибига кирувчи давлатлар улушига тўғри келади. Жорий йилнинг 11 ойи давомида бу ҳажм 13,6 фоизга қисқариб кетган.

Тожикистоннинг МДҲ бўйича асосий савдо ҳамкорлари Россия ва Қозоғистон ҳисобланади. Ҳикматуллозоданинг айтишича, бу давлатлар билан январь-ноябрдаги савдо айланмаси мос равишда 7,6 ва 18 фоизга қисқариб кетган.

МДҲнинг эркин савдо ҳудуди ҳақидаги келишув 2011 йилнинг 18 октябрида МДҲ давлатлари раҳбарлари томонидан имзоланган. Келишув 2012 йил 20 сентябрда кучга кирган.

Ўзбекистон эркин савдо ҳудудига алоҳида баённомани имзолаш орқали қўшилган. Тожикистон ушбу келишувни имзолаган, бироқ ҳали ратификация қилмаган ягона давлат бўлиб келаётган эди.

Шунингдек, Россия 1 январдан Украина билан ушбу келишувнинг амал қилишини тўхтатмоқда.