Бир қатор турк банклари хакерларнинг ички алоқа ва транзакция, тўлов терминаллари тизими ишини ишдан чиқарган уюшган ҳужумига дуч келди. “Хабер 3” телеканалининг хабарига кўра, ҳужум бўлганини божхона ва савдо вазири Бюлент Тюфенкчи ҳам тасдиқлаган.

“Зарур текширувлар ўтказилмоқда ва керакли чоралар қўлланилади”, - деди у. Керакли чоралар кўрилиши тўғрисида алоқа вазири Бинали Йилдирим ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Туркияда ишга зудлик билан киришадиган инфратузилма ҳам, мутахассислар ҳам бор.

Мавжуд маълумотларга кўра, хакерлар нафақат банклар серверларига, балки етакчи турк провайдерларидан ҳисобланган Turk telekom компаниясига ҳам ҳужум қилишган. Кўплаб молия муассасалари ва давлат ташкилотлари мазкур компания мижозлари саналади.

Хакерлар ҳужуми оқибатида банкларнинг сайт ва алоқа тизимлари, қатор банкоматлар узилишлар билан ишлаган, бир муддат мижозларга хизмат кўрсатмаган ҳам. Маҳаллий ҳукумат маълумотига кўра, киберҳужумлар 14 декабрдан бошланган бўлиб, шу вақтга қадар ".tr" доменидаги 40 мингдан зиёд интернет-ресурсларни қамраб олган.

Халқаро Anonymous хакерлар гуруҳи эса 22 декабрда тармоққа Туркия ҳукуматини ИШИД билан ҳамкорликда айбланган видеомурожаатини эълон қилди. Унда Туркияга нисбатан кенг кўламли киберҳужумлар уюштирилиши маълум қилинган.