Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Жаҳон чемпионати-2018да ишлаши мумкин бўлган ҳакамлар учун тайёргарлик доирасидаги семинарга таклиф олди.

2015 йилнинг 20 ноябрида бўлиб ўтган мажлисида ФИФА ҳакамлар қўмитаси 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамларнинг тахминий рўйхатини маълум қилган эди.

Ушбу мундиалга тайёргарликнинг бир босқичи сифатида қўмита ўша рўйхатдаги ҳакамлар учун 2016 йилнинг 11—15 апрель кунлари махсус семинар ташкил қилади. Унга Осиё қитъасидан 7 нафар ҳакам таклиф этилган бўлиб, улар орасида Равшан Эрматов ҳам бор.

Ўқув-тайёргарлик семинарлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтади. Таклифномада барча иштирокчилар 10 апрелда у ерга етиб боришлари лозим экани таъкидланган.