Колумбия ҳукумати мамлакат жануби-ғарбида ҳаракатланадиган Миллий озодлик армияси ташкилотининг (ELN) юқори лавозимли 8 нафар раҳбари қўлга олингани ҳақида эълон қилди.

Шунингдек, ҳукумат ҳарбийлари бу ташкилотнинг катта миқдордаги қуроллар ва ўқ-дори сақланаётган омборини аниқлаган.

Колумбия ҳукуматидагиларнинг қайд этишича, ўтказилган махсус амалиёт орқали марксизм ғоялари таъсиридаги бу жиноий ташкилотнинг 1500 нафарга яқин вакили ҳарбий ҳаракатларни амалга ошира олмаслиги таъминланган.

ELN Колумбиядаги иккинчи йирик қуролланган исёнчи гуруҳ ҳисобланиб, ҳукумат билан тинчлик сулҳи тузилиши бўйича музокараларга қўшилмаган.

Мамлакатдаги энг йирик исёнчи ташкилот Колумбия инқилобий қуролли кучлари (КИҚК) эса ёзда ҳукумат билан муросага келганди. Шундан сўнг Колумбия президенти мамлакатдаги исёнчи ташкилот базаларини бомбалашни тўхтатишни буюрганди.

Октябрь ойида Колумбияда партизанлик ҳужуми оқибатида 11 нафар ҳарбий ва полициячи ҳалок бўлган, шундан кейин президент Хуан Мануэль Сантос ELN исёнчиларига қарши ҳаракатларни фаоллаштиришни буюрганди.

Колумбияда 1964 йилда ҳукумат ва исёнчилар ўртасида зиддиятлар юзага келганди. Ўтган 50 йил давомида бундай тўқнашувлар оқибатида 220 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 6 миллиондан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.