Мьянманинг Качин штатида юз берган навбатдаги ер ўпирилиши ҳодисаси туфайли 50 нафар атрофидаги киши бедарак йўқолганлар деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда Bangkok Post хабар ёзган.

Маҳаллий амалдорларнинг маълум қилишича, айни вақтда воқеа рўй берган ҳудуддан 5 кишининг жасади аниқланган.

Бу ҳудудда дунё бозорига чиқариладиган нефритнинг 90 фоизи қазиб чиқарилади. Бедарак йўқолгани айтилаётган кишилар ҳам нефрит кони ишчилари бўлган.

Ўтган ойда ҳам шу ҳудудда юз берган кўчки туфайли 104 киши ҳалок бўлганди.