Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби етакчи футболчилари АПЛнинг 17-туридан ўрин олган «Норвич»га қарши учрашувдаги мағлубиятдан (1:2) кейин жамоа бош мураббийи Луи ван Гаал билан бирга инқироз вазиятидан чиқиш режасини муҳокама қилишганди.

The Daily Mail нашрининг берган хабарига кўра, голландиялик мутахассис билан учрашувда Уэйн Руни, Майкл Кэррик, Крис Смоллинг ва Хуан Мата иштирок этишган. Улар мураббийнинг машғулотлар жараёни, ортиқча қаттиқ режим ва учрашув пайтида тактикадан норозиликларини билдиришган.

Учрашув сўнгида голландиялик мураббий футболчиларнинг эътирозларини тўғри қабул қилиб, тартибни юмшатишга рози бўлган.

Нашрнинг ёзишича, янги тартиблар Рождество арафасидаги машғулотлардан бошлаб жорий қилинди. Унга кўра, 13:00дан 17:00гача бўлган вақт оралиғидаги машғулотлар куннинг биринчи қисмига кўчирилди ва машғулотдан сўнг футболчилар байрамни ўз оилалари даврасида нишонлашди. Кейинги кунда эса улар келишилганидек Лоури меҳмонхонасида тўпланишиб, АПЛнинг навбатдаги туридаги "Сток Сити"га қарши ўйинга тайёргарликни бошлашди.

Маълум қилинишича, футболчиларнинг жамоа базасида овқатланиш тартибида ҳам енгилликлар яратилган. Энди аввал бўлгани каби барча бир вақтда бир стол атрофида тўпланиб, белгиланган вақт ичида овқатланиши талаб этилмайди. Футболчилар ўзлари истаган вақтда нонушта қилишлари, қачон очиқишни сезишса тушлик қилишлари мумкин бўлади.

Қайд этилишича, ёмон натижаларга қарамай Луи ван Гаал футболчиларнинг ишончини йўқотмаган.

Шунингдек, раҳбарият ҳам мураббийнинг "Сток Сити" билан учрашувдан олдинги матбуот анжуманида журналистларга берган жавобларини маъқуллаган ва унинг бу ҳаракатини ўз шогирдларини журналистлардан ҳимоя қилиш сифатида қабул қилган.