БААнинг Дубай шаҳрида ўзининг иккинчи йиғинини ўтказаётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғин давомидаги иккинчи назорат учрашувида Сурия олимпия терма жамоасига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Сурия олимпия терма жамоасига қарши кечган учрашув тенг курашлар остида ўтди. Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг илк дақиқасида эса Сурия олимпиячилари пенальтидан ҳисобни очишди. Қолган дақиқаларда дарвозаларга бошқа гол киритилмади ва учрашув Сурия олимпия терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғин давомидаги илк ўртоқлик учрашувини КХДР терма жамоасига қарши ўтказган ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Эслатиб ўтамиз, келаси йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси БААнинг Дубай шаҳрида яна икки бор ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Режага кўра, Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги терма жамоа 27 декабрь куни Қатар олимпия терма жамоасига қарши ўйнайди.

Ўртоқлик учрашуви.

Дубай, БАА.

23 декбрь.

Ўзбекистон (U23) – Сурия (U23) –0:1

Ўзбекистон U23: Абдумавлон Абдужалилов, Жавлон Мирабдуллаев, Максимилиан Фомин, Сардор Раҳмонов (Достон Турсунов, 42), Муҳсинжон Убайдуллаев, Жавоҳир Соҳибов (Қувондиқ Рўзиев, 80), Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов (Тимур Ҳакимов, 78),Жамшид Искандеров (с), Игорь Сергеев (Икром Алибоев, 68), Ҳусниддин Ғофуров (Элдор Шомуродов, 46).