Режиссёр “Ойқиз эртаги” бюджети нималар учун сарфлангани ҳақида айтди

Маданият 26 Декабрь 2015 8286

"Ойқиз эртаги" фильми режиссёри Акбар Бектурдиев бу фильмининг ишланиши учун ажратилган 1,6 миллиард сўм маблағнинг нималарга сарфлангани ва синаб кўрилган актрисалар ҳақида маълумот берди. Бу интервью Darakchi.uz сайтига жойлаштирилган.

"Ҳар бир актёрнинг либосларига катта маблағ кетди, ўнга яқин декорациялар қурилди. Компьютер графикалари яратилди. Хиванинг ўзида 50-60 нафар актёрнинг бир ой ётиб туриши, овқатланиши таъминланди", дейди у дастлабки саволга жавобан.

У фильмга танланган ном борасида гапира туриб, бу ном фильмнинг бошидан то охиригача эртак айтиб берадиган асосий қаҳрамон исмидан олинганини билдиради. Фильмнинг иккинчи номи "Чўл маликаси" бўлган.

Фильмни суратга олиш жараёнида 25 кун Хиванинг Ичан Қалъасида ишланган. Яна беш куни ёзнинг иссиқ кунида чўлда ўтган.

"Алоҳида каскадёр гуруҳимиз ҳам бор эди. Аммо Йигитали Мамажонов ўзининг жанг саҳналарини ўзи каскадёрсиз бажарди. Юлдуз Ражабовага ҳам қойил қолиш керак, у анча жонбозлик кўрсатди. Актёрларимиз кино суратга олиш ишлари бошланишидан аввал отда саҳна кўринишлари, қилич билан жанг саҳналарини машқ қилган эди", дейди режиссёр фильмдаги мураккаб жанг саҳналари ҳақида.

"Бир кунда 3та эпизод олиш керак бўлди. “Ўзбеккино”нинг фильмни суратга олишга белгилаб берилган муддати тугаши керак эди. Бу фильмда жанг саҳналари, қиличбозлик саҳналари бўлгани сабабли бир кунда белгиланган режада 3та эпизод олишимиз керак бўлса, биз битта ҳам ололмаган вақтларимиз бўлди. Бир кунда яримта эпизод олишимизга тўғри келгани учун вақтимиз кўп кетиб қоларди", дея эслаган у суратга олиш жараёнидаги муаммолар ҳақида.

У фильмни фақатгина томошабинлар учун суратга олганини таъкидлаб, фильмнинг кассабоплигидан кўра, томошабоплиги тўғрисида қайғурилганини таъкидлаган.

Унинг маълум қилишича, фильмни суратга олиш жараёни 2014 йилнинг июнида бошланган, аммо айрим муаммолар туфайли ўртада жараён тўхтаб қолган.

У фильмнинг асосий қаҳрамони ижрочиси учун жиддий синов ўтказилгани айтган, лекин синовдан ўта олмаган актрисалар ҳақида тўхталишни жоиз кўрмаган.

Интернетда “Ойқиз эртаги” трейлери пайдо бўлди

Кўпроқ янгиликлар