Яқин орада Тожикистонда туғилган болаларга 4 мингта исмдан иборат ягона рўйхатда келтирилган исмлар берила бошланади, деб хабар берди 25 декабрда Тожикистон тил ва атамашунослик қўмитаси матбуот-маркази вакили Абдураҳим Зулфониён.

“Бизнинг қўмита тожик исмларининг ягона рўйхатини тайёрлади ва уни 24 декабрда ҳукуматга қабул қилиш учун топширди”, деб айтди журналистларга Зулфониён.

Зулфониённинг айтишича, рўйхат тасдиқлангандан кейин у Тожикистоннинг барча фуқаролик ҳолатлари далолатномасини ёзиш бўлимларига (ФҲДЁ) юборилади. ФҲДЁларда ушбу рўйхатга кўра янги туғилган болаларга исмлар ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилади.

Зулфониённинг таъкидлашича, тожиклар эндиликда ўз фарзандларига “қул”, “хон”га тугайдиган исмларни (мисол учун, Амирқул, Саидхон) бера олмайдилар. Унинг айтишича, Тожикистонда яшовчи бошқа миллат вакиллари ўз фарзандларига ўзларининг миллий анъаналарига кўра исм беришлари мумкин. Охирги вақтларда кўплаб тожик оилаларида ўз фарзандларига арабча, туркча ва эронча исмлар, шунингдек Қуръондаги пайғамбарларнинг исмларини бериш русум бўлган.

Зулфониённинг айтишича, исмлар ягона рўйхатини 2016 йил бошида чоп этиш режалаштирилмоқда.