Афғонистоннинг Бадахшон вилояти фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармаси раҳбари Саид Абдулло Ҳумоюн Деҳқоннинг маълум қилишича, 26 декабрь куни юз берган зилзила туфайли Зебок ва Бахорак туманларида 20дан ортиқ уй бутунлай бузилган ҳамда 264та бино шикастланган.

Унинг аниқлик киритишича, маркази Зебокдаги Тезоб қишлоғида бўлган зилзила кучи 6,82 баллни ташкил этган ва зилзила ўчоғи 203 км чуқурликда жойлашган.

Тумандаги Руботак қишлоғда 34 уй, Баҳорак туманидаги Дукул қишлоғида 20та уй бузилиб кетган.

Нагархар вилоятида ушбу зилзила туфайли 13 киши жароҳатланган.

АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, 26 декабрь кунги зилзила кучи 6,3 магнитудани ташкил қилган. Ер силкинишлари, шунингдек, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ҳам сезилган.

Ушбу зилзиланинг кучи 26 декабрь тунги соат 0:15ларда Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ҳам сезилди.

Шунингдек, бу вақтда Душанбеда 4 балли зилзила қайд қилинган.

Бу зилзила туфайли Афғонистон ва Покистонда 4 киши ҳалок бўлган.