Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида фаолият юритиб келган тадбиркор молиявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.
Маҳмуд Нигматов асли Самарқанд шаҳридан бўлиб, 2014 йили Чироқчида “Маҳмуд Инвест” МЧЖни рўйхатдан ўтказган.

Корхонанинг 2014 йилнинг 1 апрелидан 2015 йилнинг 16 июнигача бўлган фаолияти тафтиш қилинганида М. Нигматов бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини тақдим қила олмаган. Текширувлар натижасида маълум бўлишича, шу давр ичида у 6.357 млрд сўмлик кирим қилинмаган товарларни улгуржи нархларда сотиб, давлат манфаатларига жиддий зарар келтирган.

Бундан ташқари, кўрсатилган даврда корхонага кирим қилинган 13.879 млрд сўмлик товар-моддий бойликларни пул ўтказиш йўли билан улгуржи нархларда сотиб олиб, аҳолига нақд пулга сотган. Савдодан тушган пулларни назорат-касса машинаси орқали кирим қилмаган, банкка ҳам топширмаган.

Маҳмуд Нигматовга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи тариқасида энг кам ойлик иш ҳақининг 320 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, аввал ўталмай қолган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш қўшимча жазосини қўшиб, 1 йил 4 ойга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.