ФИФА президенти лавозимига номзод, Иордания шаҳзодаси Али ибн Ал-Ҳусайн зудлик билан ФИФАнинг ахлоқ қўмитаси тергов палатасининг собиқ раиси, 2018 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатлари мезбон давлатларининг сайланиши бўйича тергов ўтказган Майкл Гарсия ҳисоботини чоп этишга чақирди. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги маълум қилди.

“Жамоатчилик ҳам, ФИФА президентига номзодлар ҳам ташкилотда нима юз берганини билишга ҳақлилар”, деб айтди шаҳзода Али Дубайда бўлиб ўтган халқаро спорт анжуманида.

ФИФАнинг 2018 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатлари мезбон давлатларини сайлашнинг ҳаққонийлиги масаласи бўйича тергови ўтган йилнинг ноябрида маълум қилинган. Терговни ўтказган комиссия сайлов жараёнида қоидабузарликлар бўлмаганини аниқлаган. Бундан кейин Гарсиа унинг тергови натижалари қай йўсинда тақдим қилиниши бўйича норози бўлиб, истеъфога чиққан. Марокашда 2014 йил декабрь охирида ФИФА ижроия қўмитасида Гарсианинг ҳисоботини чоп этишга қарор қилинган. Бу ҳисобот ФИФА ижроия қўмитасининг бир неча аъзоларига нисбатан ахлоқ қўмитаси тергови кўриб чиқилиши якунланмагунча чоп этилмаслиги айтилган. 2015 йил ёзида ОАВларда Швейцария прокуратурасининг ФИФАда коррупция ҳолати бўйича тергови якунланмагунча ҳисобот чоп этилмаслиги маълум қилинган.