Франция мусулмонлари етакчилари Корсикадаги тартибсизликлардан сўнг диндошларни хотиржамликка чақирмоқда

Жамият 27 Декабрь 2015 1972

Франциянинг Корсика оролидаги йирик шаҳар Аяччодаги кескин вазият сақланиб қолмоқда. Яқиндагина тунда маҳаллий мусулмонлар масжиди остин-устун қилинганидан сўнг ҳам юзлаб намойишчилар қайтадан кўчаларга чиқишди. Француз мусулмонлари жамияти етакчилари вазият кескинлашган шароитда диндошларга юзланиб, хотиржамликни сақлаш ва қонунга риоя этишни сўраган.

“Келиб тушаётган хабарлар кишини хавотирга солиб, қайғуга чўмдиради. Вазият хавотирли ва биз унинг янада ёмонлашувидан чўчияпмиз”, - деди мамлакатдаги мусулмонлар етакчиларидан бири, Париж жомеъ масжиди имоми Далил Бубакер iTele телеканали эфирига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Аяччодаги вазият “бошқариб бўлмас халқ қаршилиги”нинг ўсишига ишора қилмоқда, шу муносабат билан Франция мусулмонлари барча диндошларини ўзини бардам тутишга чақирмоқда.
“Ҳукумат билан бирга мен ҳам хотиржамлик, огоҳлик ва тинчликка чақираман. Ҳозир йилнинг энг муҳим даври. Биз, келиб чиқишидан қатъи назар, барча корсикаликлар учун тинчлик ва сокин ҳаёт ҳамма нарсадан кўра муқаддасроқ эканини тушуниб етишимиз керак”, - деди Бубакер.
Эслатиб ўтамиз, 26 декабрга ўтар кечаси Франциянинг Корсика оролида жоҳиллар томонидан масжид ойналари ва мебели синдирилган эди. Улар, шунингдек, муқаддас китобларни, жумладан Қуръонни ёқиб юбормоқчи бўлган.

Мазкур ҳодисалар эса юзини рўмоллар билан ёпиб олган номаълум жиноятчилар ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам ходимларига ҳужум қилганидан сўнг юзага келди. Ҳужум натижасида икки нафар ўт ўчирувчи ҳамда бир полициячи жароҳат олган. Маҳаллий аҳоли полиция ва ўт ўчириш хизматини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўчаларга чиқиб, маҳаллий ҳукуматдан айбдорларни топиш ва жазолашни талаб қилишган.

Аяччодаги вазият келгуси куни ҳам кескинлигича сақланиб қолган. Масжид жойлашган мавзе кун бўйи полиция томонидан қуршаб олинган. Бироқ бу норози кайфиятдаги аяччоликларга аксилисломий намойишга чиқишларига халал бермади. Ҳудудий France 3 Corse телеканали хабарига кўра, намойишларда 300 атрофидаги маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этган. Ашаддий намойишчилар эса полиция ҳалқасини ёриб ўтиб, масжид томонга яқинлашишга ҳаракат қилиб кўрган. Хабарларга кўра, улар ўртасида мушаклар тарқатилмоқда. Аммо умумий вазият тартибни сақлаш кучларининг назорати остида.

Кўпроқ янгиликлар