Ироқ ҳукуматидаги манбанинг маълум қилишича, ироқлик ҳарбийлар ИШИД назоратида бўлиб келган Рамади шаҳридан жангариларни сиқиб чиқарган.

Манбанинг айтишича, ҳарбийлар асосий вазифани бажаришган, яъни шаҳар марказидаги бошқарув биноси қўлга олинган.

Бундан олдинроқ, жангарилар бу шаҳарни ташлаб чиқа бошлагани маълум қилинганди. Ироқ армияси вакиллари шаҳардаги биноларга улар миналанган бўлиши эҳтимоли борлиги учун киришмаяпти. Бу шаҳар қамали бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Қамал вақтида Ироқ ҳарбийлари жангариларга таъминот етказиладиган йўлларни тўсиб қўйган ва Рамади шаҳри аҳолисидан осмондан варақа ташлаш орқали шаҳардан чиқиб туришни сўраганди.

Шаҳардаги ўн минглаб аҳоли орасида юзлаб жангарилар қолдирилгани тахмин қилинмоқда. Уларнинг қолдирилишидан қандай мақсад кўзлангани аниқ эмас.