ИШИД террорчилик гуруҳига қарши кураш мақсадида Россия ўз ҳамкорлари, шу жумладан Марказий Осиё ва хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни кучайтирмоқда, деб айтди 2015 йилдаги Ўзбекистон-Россия муносабатлари якунларига бағишланган давра суҳбати давомида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев.

Тюрденевнинг айтишича, Москва ИШИД каби ёвузлик билан самарали кураш учун бутун жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини таъкидламоқда, БМТ низоми қоидалари негизида ҳеч қандай сиёсийлашув ва шартларсиз кенг коалиция шакллантиришни ёқлаб чиқмоқда. 

“Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудидан солинаётган террорчилик хавфини бартараф қилиш бугунги кунда ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Бизнинг давлат учун Россияга қарши қаратилган террорчилик салоҳиятига қарши узоқ сарҳадларда курашиш муҳим вазифа ҳисобланади, ўзишга ишлаш керак”, деб айтди Тюрденев.

“ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларнинг ғояси исломни обрўсизлантиради. Биз ислом ва бошқа цивилизациялар билан қарама-қаршилик билан эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамиятига солинаётган террорчилик таҳдидига дуч келмоқдамиз. Террорчилик барча дунё динларининг бир неча асрлик қадриятларини йўқ қилмоқда. Уларнинг ваҳший ҳужумлари давлатларнинг манфаатлари, уларда яшовчи халқлар ҳуқуқи ва эркинликлари, бутун инсониятга хавф солмоқда”, деб таъкидлади Тюрденев. 

Тюрденев Россия ва Ўзбекистоннинг долзарб халқаро масалалар бўйича фикрлари мос тушиши ёки бир-бирига жуда яқин эканлигини таъкидлаб ўтди. Икки томон тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкамланиши, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни оширишни ёқлаб чиқади. Бу иш Ўзбекистоннинг 2015-2016 йилларда ШҲТда раислик қилиши ва ташкилотнинг Ҳиндистон ва Покистон ҳисобига кенгайтирилиши билан алоҳида долзарбликка эга бўлади.

Бу йўналишда келишилган саъй-ҳаракатларни йўлга қўйиш мақсадида 2016-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури тасдиқланди.