НАТО Германиянинг Гайленкирхен шаҳридаги бир қанча Boeing E-3 Sentry узоқ масофадан радиолокацион аниқлаш самолётларини Сурия билан чегарани назорат қилиши учун Туркияга сарфарбар қилмоқда. Бу ҳақда 27 декабрь куни Bild am Sonntag нашри маълум қилди.

Нашр Шимолий Атлантика альянси НАТО аъзоси сифатида Туркия хавфсизлигини таъминлаш учун шундай қарорга келди, дея ёзмоқда. Германия ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари ўтган ҳафтада Бундестагни амалга оширилажак амалиёт тўғрисида ёзма равишда хабардор қилган.

“AWACS (радиоаниқлаш ва кузатув авиацион комплекси. – Kun.uz) самолётларини Гайленкирхен базасидан Туркиянинг Конья шаҳридаги аэродромга вақтинчалик жойлаштириш режалаштирилган”, - дея Бундестагнинг мувофиқлаштирувчи қўмиталарига юборилган мактубдан иқтибос келтирилган.

“Бу Бундесвер ҳарбий хизматчиларига ҳам тааллуқли бўлиб, биз 30 фоиз экипажни тақдим этамиз”, - дея маълум қилган Германия Мудофаа вазирлиги вакили DPA агентлигига. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳарбий амалиёт Бундестаг мандатини талаб этмайди, чунки мазкур самолётлар Туркия осмонида фақатгина ҳаводаги вазият тўғрисида маълумот тўплаш билан шуғулланади. Германия ТИВ ва Мудофаа вазирликлари мактубида айни пайтда ҳарбий авиациянинг қўлланилишига ҳожат йўқлиги айтиб ўтилган. Бу ИШИД жангариларининг шахсий авиацияси йўқлиги, Сурия ҳукмати эса Туркияга қарши ўз авиациясидан фойдаланиш режаси мавжуд эмаслиги билан изоҳланган.