Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида Абу Райҳон Берунийнинг “Памятники минувших поколений” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” – “Ал-осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия”) китобининг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкентдан махсус ташриф буюрган, буюк алломамизнинг ушбу китобини нашрга тайёрлаган профессор Ашраф Аҳмедов иштирок этди.

Физика-математика фанлари номзоди, тарих фанлари доктори, профессор Ашраф Аҳмедов алломанинг ушбу асарини тўлдирди, тўғрилашлар киритди ҳамда унга кириш мақоласини, шарҳлар ва кўрсаткичлар ёзди. Берунийнинг бу асари 1957 йилда шарқшунос олим М.Салье томонидан русчага таржима қилинган.   

Ашраф Ахмедов ўз нутқида Берунийнинг китоби биринчи марта чиққанидан деярли 60 йил ўтганини таъкидлаб ўтди. Бу вақт давомида тарих, археология, шарқшунослик бўйича кўплаб илмий адабиётлар чоп этилди ҳамда Беруний меросини ўрганувчи махсус йўналиш – берунийшунослик пайдо бўлди.

Олим Беруний асарининг русча таржимасини биринчи марта чоп этган М.Сальенинг катта хизматларини ҳам таъкидлаб ўтди. “Бу иш ўша вақтда мамлакатда катта сенсация бўлган. Бироқ шу билан бирга нашр бир қатор камчиликларга эга бўлган: матндан бир қатор парчалар тушиб қолган, баъзи атама ва иборалар нотўғри таржима қилинган, изоҳлар тўлиқ бўлмаган”, деб айтмоқда Аҳмедов. Аҳмедовнинг фикрича, таржимадаги баъзи камчиликлар Сальенинг математикадан билимлари йироқ бўлгани билан боғлиқ бўлган.   

“Айнан шунинг учун Беруний асарининг тўлдирилган ва тузатилган янги нашрини тайёрлашга эҳтиёж пайдо бўлди”, деб айтмоқда олим. Китобнинг янги нашрида 1636 та шарҳ берилгани ҳолатининг ўзи катта кўламли иш қилинганидан дарак беради.

Тақдимотда Имом ал Бухорий халқаро маркази директори ўринбосари Бахтиёр Тўраев, Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов ва профессор Юсуф Абдуллаев каби бир қатор олимлар иштирок этдилар. Улар Ашраф Аҳмедовнинг ижодига юқори баҳо беришди. Профессор Юсуф Абдуллаев аждодларимиз меросини ўрганиш катта аҳамиятга эгалигини ва бутун инсониятни бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.