Швецияда безори шахслар яна бир марта Евле шаҳрида анъанавий тарзда ўрнатилган "Рождество эчкиси"га ўт қўйиб юборишди. Бу ҳақда Aftonbladet нашри хабар тарқатган.

Бу воқеа 26 декабрь куни содир бўлган. Полиция вакили Евла қалъаси олдида юқорига тутун ўрлаётганини кўриб, бу ҳудудга келгач, сомондан ясалган "Рождество эчкиси" ёнаётганига гувоҳ бўлган. Ярим соат ичида у ёниб битган.

Ҳудуд яқинида шубҳали 2 шахсни пайқаган полиция уларни таъқиб қилган ва бирини қўлга туширган.

Қўлга олинган шахс 25 ёшли йигит экани, унинг маст аҳволдалиги аниқланган. Уни қамаб қўйишган ва у ўзига келгач, тергов қилинади.

Шубҳа остидаги иккинчи шахсни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, "Рождество эчкиси" Скандинавия халқларининг қишки байрамлари рамзи ҳисобланиб, Евла шаҳрига бундай "сомонли ҳайкал"ни ўрнатиш 1966 йилдан буён амалга ошириб келинади. Ўшандан буён кўп марталаб бундай "эчкилар" безориларнинг нишонига айланиб келади. Аксар ҳолларда унга ўт қўйиб юборишади. Ўтган йили эса, "эчки" ҳужумдан қутилиб қолганди.