“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – 2015» мавзусида ижтимоий тадқиқот ўтказди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг “Ижтимоий фикр” маркази материалларига асосланиб хабар қилишича, ушбу сўровда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари – давлат хизматчилари, тадбиркор ва фермерлар, талаба-ёшлар, ишчилар, пенсионерлар, барча миллат ва диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.

Сўров натижаларига кўра, 2015 йил ўзбекистонликларнинг 90,8 фоизи учун барқарор ва самарали йил бўлди.

Сўров жараёнида аҳолининг пул жамғармалари ҳажми ошаётгани маълум бўлгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Улар жамғармалар ҳисобидан узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар, қимматбаҳо кўчмас мулк харид қилмоқда, фарзандлари таълим-тарбиясига маблағ сарфламоқда. Бугунги кунда фуқароларнинг қарийб 60 фоизи оиласида автомобиль, 80 фоиздан ортиғи эса замонавий маиший-техника ва узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган буюмлар мавжудлигини қайд этди.

Сўров натижалари шундан далолат берадики, 2013-2014 йилларда ўтказилган тадқиқотлар билан таққослаганда, 2015 йилда аксарият кўрсаткичлар бўйича вазият яхшиланган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида оилаларнинг мутлақ кўпчилиги (90 фоиздан ортиғи) шахсий уй-жойи ёхуд квартирасига эга. Тадқиқот натижаларига кўра, 2015 йилда коммунал хизматлар бўйича фуқароларнинг қарздорлиги камайган, замонавий таълим, иш ҳақини ўз вақтида олиш, уй-жой, квартира ҳолатини сифатли таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилган.