Россиянинг “Мегафон” ва “Yota” компаниялари яқин 2 йил ичида бирлашиши мумкин, деб айтди “Россия 24” телеканалига “Мегафон”нинг асосий эгаси Алишер Усмонов.

“Yota’ни сотиб олиш билан биз LTE’нинг келажак технологиялари учун анчагина мустаҳкамлик захирасини, частота ресурсини олдик. Бугунги кунгача “Мегафон” ва Yota алоҳида бўлган. Икки компания изчиллик билан ривожланиб борган. “Мегафон”га бу оғирроқ кечган, чунки бозорда рақобат катта. Yota инфратузилмасини яхшилади. Энди Yota шўъба корхона сифатида “Мегафон” инфратузилмасидан фойдаланиши мумкин”, деб айтди Усмонов.

Усмоновнинг айтишича, кейинги босқич бу компанияларнинг “Мегафон” инфратузилмасида бирлашиши бўлади.

“Бирлашиш жараёни катта ҳажмдаги ахборот ва уни узатишнинг катта тезлигини қўллаш учун зарур бўладиган катта частота ресурси киритилган маблағларни қайтаришда ва лойиҳанинг даромад қисмини олишда катта роль ўйнайди. Бугун бозорнинг ривожланишига кўра, икки йилдан кейин муайян натижага эга бўламиз”, деб ҳисобламоқда Усмонов.

“Мегафон” “Скартел”ни (Yota брендини) 1,126 млрд долларга Garsdale холдингидан сотиб олган. Yota “Скартел” ва “Мегафон”нинг бирлашган тармоғида 2G/3G/4G тармоқларда федерал қоплашни таъминлайди ҳамда овозли алоқа ва маълумотлар узатиш хизматини кўрсатади.