Йирик авиасозлик компаниялари, жумладан Airbus ва Boeing йўловчи ва юк самолётлари экипажида иккинчи учувчилардан воз кечишга имкон берувчи автоматлаштирилган тизимни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда The Times нашри маълум қилди.

Янги технология устида умумий ҳисобда 35 та авиасозлик компанияси ва тадқиқот гуруҳлари иш олиб бормоқда. Кутилишича, бундай тизимнинг татбиқ қилиниши компанияларга ходимларда тежашга ва шу тариқа парвозлар таннархини пасайтиришга ҳамда инсон омили билан юзага келадиган хатолар миқдорини камайтириб, хавфсизликни оширишга имкон беради. Ушбу лойиҳани Еврокомиссия молиялаштирмоқда.

Лойиҳа ACROSS деб номланиб, “стресс ва ишчи юкламани камайтириш учун такомиллаштирилган учувчи кабинаси” деб ўқилади. Гап, ўз моҳиятига кўра, ёмон об-ҳаво шароитида, фавқулодда вазиятлар ҳамда ўта юкланган ҳаво ҳудуди вазиятида самолётни бошқара оладиган такомиллашган автопилот ҳақида кетмоқда. Ишланмани яқин ярим йил ичида тугатиш режалаштирилмоқда.

Бироқ экспертлар тизим унинг олдига қўйилган вазифаларни эплай олмаслигидан хавотирланишмоқда. Нашр келтираётган маълумотларга кўра, парвозлар пайтида хавфли вазиятларнинг катта қисмини автоматика эмас, балки айнан учувчилар бартараф этишади. Шу билан бирга лойиҳа муаллифларининг айтишича, 2010 йилдаги 60 фоиз авиаҳалокатлар экипажнинг айби билан юз берган.

Самолёт экипажи аъзолари кўплаб ҳолларда авиаҳалокатлар сабабчисига айланадилар. Декабрнинг бошида Мумбай аэропортида Air India авиакомпанияси техниги учувчи айби билан ҳалок бўлган: техник самолётга хизмат кўрсатаётганда иккинчи учувчи двигателни ёқиб юборган, оқибатда ишлаётган двигатель техникни ўз ичига тортиб олган.

Яна бир шов-шувли ҳолат жорий йилнинг 24 мартида юз берган. Germanwings авиакомпаниясининг Airbus A-320 самолётининг иккинчи учувчиси Андреас Любиц ўз шеригининг йўқлигида кабинага қамалиб олиб, онгли равишда самолётни тоққа олиб бориб урган. Оқибатда 150 йўловчи ва экипажнинг 6 аъзоси ҳалок бўлган.