Шимолий Аризона университети олимлари сўзлайдиган, юрадиган, мусиқа ижро этадиган ва турли хил овозларни чиқарадиган электрон ўйинчоқлар болалар учун энг хавфли эканини аниқлади. Аслида эса шу каби ўйинчоқларга эса таълимий восита сифатида қаралади, дея қайд этмоқда The NWI Times.

Бундай хулоса 26 жуфт ота-она ва уларнинг 10-16 ойлик фарзандлари ўртасида ўтказилган тадқиқот натижалари бўйича чиқарилди. Ҳар бир оилага учта ўйинчоқ жамланмаси тақдим этилди.
Биринчи жамланмадан болалар учун ноутбук, сўзлайдиган ферма ва болалар мобиль телефонлари ўрин олди. Иккинчисига эса ёғоч пазллар, расмли кубиклар киритилди. Учинчи жамланма эса жониворлар, шакл ва гуллар тасвирланган китоблардан иборат бўлди.

Айнан биринчи жамланма нутқ кўникмаларининг шаклланишига энг кам ёрдам берган. У анъанавий ўйинчоқларга қараганда болалар сўз бойлигининг сифати ва нутқ элементлари сонининг камайишига кўпроқ таъсир кўрсатган. Овоз чиқарадиган электрон ўйинларни ўйнаш вақтида ота-оналар болалари билан камроқ суҳбатлашар экан.

Китоблар эса аксинча, ота-оналарнинг фарзандлари билан гаплашишига кўпроқ имкон туғдирган. Анъанавий ўйинчоқлар билан худди шундай ижобий ҳолат қайд этилган.