Fujitsu компанияси ўзининг мобил ва компьютер ишланмалари билан шуғулланувчи бўлинмаларини ажратиб олмоқчи. 2016 йилда улар Fujitsu’нинг молиявий кўрсаткичларига таъсир ўтказмайдиган мустақил компанияларга айланади.

2014 йилда Япониянинг Sony компанияси Vaio бренди остида компьютерлар ишлаб чиқарувчи бўлинмасини сотиб юборган эди. Эндиликда бозорнинг бошқа иштирокчилари ҳам ундан ўрнак оладиган кўринади.

Компьютер бўлинмаси Fujitsu Client Computing Limited номи остида 2016 йил 1 февралидан ишлай бошлайди, мобил бўлинма эса Fujitsu Connected Technologies Limited номини олади.

Apple компаниясининг устунлиги яққол бўлиб турган замонда кўплаб компаниялар мана шундай чоралар кўриб, харажатларини камайтиришга ва асосий кучини бошқа соҳаларга йўналтиришга интилмоқда. Агарда битта компания бундай ишни эплай олмаса, унда зарар кўраётган бошқа компаниялар билан бирлашиш варианти ҳам мавжуд. Жумладан, Toshiba, Fujitsu ҳамда Vaio брендининг янги эгаси бўлмиш Japan Industrial Partners компаниялари бирлашиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Шу йўл билан улар бозор инқирозидан қутулиб қолишни режалаштирмоқда.