Германиялик тадқиқотчилар Флориан Груно ва Никлаус Шиз Шимолий Кореяда қўллаб келинаётган Red Star операцион тизимини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

Мақола муаллифининг таъкидлашича, КХДР операцион тизими мамлакатдаг сиёсий тизимни эслатиб юборади: у “параноидал” бўлиб, фуқароларни кузатишга қаратилган.

У фойдаланувчиларга интернетга чиқиш имкониятини бермайди, лекин давлат ОАВ порталлари ҳамда бир қанча рухсат этилган сайтларга кириш имкониятини беради. Бундай тизимни яратишга ўн йиллаб вақт талаб этилган.

Тизимнинг охирги версияси Linux базасида яратилган, лекин у кўплаб ўзига хосликларга эга, шу жумладан, файлларни шифрлаш хусусияти бор. Бу Шимолий Корея чет эл айғоқчиларидан ўз маълумотларини асраш мақсадида қўллаётган чора сифатида кўрилмоқда.