Корея Республикаси порахўрликка қарши қонунчиликка нисбатан талабчанликни оширди. 29 декабрда кучга кирадиган қонунга кўра, ҳар қандай давлат хизматчиси 1 миллион вон ($870)дан ортиқ пора олган тақдирда зудлик билан ишдан бўшатилади.

ТАСС хабарига кўра, ушбу тартибда ҳеч қандай истиснолар жорий этилмайди. Бундан ташқари, порахўрлиги сабаб ишдан бўшатилган шахслар келгуси беш йилгача давлат ишида меҳнат қила олмайди.

Шунингдек, уларнинг нафақаси ва устамалари миқдори икки баробарга камайтирилади. Агарда давлат хизматчисининг пора талаб қилгани исботланса, унинг миқдори 1 миллионга етмаган тақдирда ҳам ишдан бўшатилади.
Коррупция муаммоси Жанубий Кореяда етарлича даражада ўткирлигича қолмоқда. Сўнгги вақтларда ҳукумат жиноятнинг мазкур кўринишига қарши кураш чораларини фаоллаштирди.