Қирғизистон Миллий Гвардияси ҳарбий хизматчиси ўз ҳамкасбига ўт очиб, уни ўлдирди. Яна бир ҳарбий хизматчи унинг ўқларидан жароҳатланган. Бу ҳақда ТАСС нашри гвардиядаги манбага асосланиб, хабар тарқатган.

"Бу воқеа 27 декабрь куни тунида содир бўлган. Ўт очган ҳарбий тунги қоровулликни ўтаётган бўлган ва унинг ҳаракати асосли эди", дейди манба.

Ҳалок бўлганлардан бири ҳарбий қисмнинг "Пантера" бўлими сержанти бўлган. Иккинчи сержант эса 3та ўқ еб, жароҳатланган. Айни вақтда у оғир аҳволда шифохонанинг реанимация бўлимида қолмоқда.

Айни вақтда терговчилар бу ҳодиса бўйича текширув олиб боришмоқда.

"Ҳалок бўлган сержант бизнинг энг яхши сержантларимиздан бири эди. Айнан у ҳарбийларни махсус тадбирлар учун тайёрлаган", дейди манба.

Махсус "Пантера" бўлими Қирғизистон миллий гвардиясининг элита бўлими ҳисобланади.