Rolls-Royce компанияси Ghost седанининг интерьери 41 та бриллиант билан безалган ягона нусхасини қурди. Ghost Red Diamond деб номланган автомобилга Саудия Арабистони қироллик уйи буюртма берган.

Седан, шунингдек, шпондан ишланган декоратив безаклар ва теридан ишланган махсус ўриндиқлар билан безатилди. Бундан ташқари, рул чамбари, олд панель ва марказий консоль қизил рангдаги тери билан қопланган.

Седан кузови салондаги рангдан бирига монанд махсус қизил рангга бўялган. Капот, радиатор панжараси “бриллиант” рангга эга. Машинанинг эшик остоналарида моделнинг номи ва бу автомобиль қўлда ягона нусхада йиғилгани ҳақида ёзилган табличка жойлашган.

Машинанинг моторлари ўзгартирилгани ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган. Ghost стандарт ҳолатда 6,6 литрли, 12 цилиндрли, 570 от кучига эга бензинли двигатель билан жиҳозланади. Тўрт эшикли автомобиль жойидан 100 км/соат тезликкача 4,9 сонияда эришади. Автомобилнинг максимал тезлиги 250 км/соатни ташкил қилади.

“Роллс-Ройс”нинг махсус буюртмалар бўйича бўлими мунтазам равишда араб давлатларидаги бадавлат мижозлар учун автомобиллар ишлаб чиқаради.