Россияда 2015 йил якунига кўра кун кечириш учун зарур миқдордан камроқ даромадга эга аҳоли миқдори ўтган 1 йил ичида 2 баравар ортган. Бу ҳақда россияликлар ўртасида ўтказилган сўровномадан маълум бўлди.

Бутун Россия жамоатчилиги фикрини ўрганиш маркази маълумотига кўра, 2014 йил охирида ўтказилган сўровномага кўра, сўровномада қатнашганларнинг 22 фоизи етарли даражадаги овқат ва кийим учун етарли миқдорда пули бўлмаслиги ҳақида маълум қилганди. Бу йилги кўрсаткич эса 39 фоиз бўлган.

Яъни, ўтган йил охирида сўровнома иштирокчиларининг 4 фоизи овқат учун пул топа олмаслигини айтган, бу йилда эса бу тоифа сони 9 фоизга ошган. Овқатланишга пули етадиган, лекин одатий тартибда кийиниш учун пул орттира олмайдиган россияликлар миқдори ўтган йилги 18 фоизлик кўрсаткичдан бу йилда 30 фоизгача ошган.

Шунингдек, маиший буюмлар сотиб олишга қийналадиган россияликлар миқдори ўтган йилги 7 фоиздан бу йилда 40 фоизга ўзгарган.

Айни вақтда россияликларнинг 16 фоизигина янги автомобил харид қилишга қодирлигини билдирган. 2014 йил охирида бу борадаги кўрсаткич 27 фоиз эди.

Шу билан биргаликда, аҳоли даромадлари қисқариши фонида ҳеч қандай молиявий муаммо сезмаган россияликлар сони ортган. Сўровномада иштирок этганларнинг 4 фоизи ўзи учун исталган харидни амалга ошира олиши мумкинлигини билдирган. Ўтган йили бу кўрсаткич 3 фоизга тенг бўлганди.

Сўровнома 12-13 декабрь кунлари ўтказилган ва унда мамлакатнинг 46 ҳудудидан 1,6 минг киши иштирок этган.