Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурияда яратмоқчи бўлган “хавфсизлик ҳудуди”нинг тайёрланиши бўйича режаларини эълон қилди. Al Arabiya телеканали орқали эфирга узатилган интервьюда Эрдўған бу ҳудудда Туркиядаги лагерларда яшаётган ҳамда Сурияга қайтишни истаётган қочқинлар жойлашиши мумкинлигини айтди.

“Биринчи босқичда ҳудуд чегара бўйлаб 98 км давом этади, ичкарига 45 км кириб боради. Биз уни кенгайтиришимиз мумкин. Бу ҳудуд террордан озод ҳудуд бўлади ва у ерда Туркиядаги лагерларда яшаётган ва мамлакат ичкарисидаги қочқинлар жойлашишлари мумкин бўлади”, деб айтди Эрдўған.

“Биз бу лойиҳани амалга ошириш учун маблағлар йиғиш бўйича кампанияни бошлашимиз мумкин. Бу соҳа Туркияда яхши ривожланган, биз Сурия эҳтиёжларига мос уйлар қуришимиз мумкин”, деб қўшимча қилди Эрдўған.

Бироқ Эрдўғаннинг бу таклифи ҳаттоки иттифоқчилари орасида ҳам қўллаб-қувватланмаяпти. Декабрь бошида Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест бундай ҳудудларнинг яратилиши “катта маблағлар талаб қилишини” айтганди.