Ван Гаал "МЮ" раҳбариятига жамоани инқироздан қай йўл билан олиб чиқишни билмаслигини билдирди

Спорт 28 Декабрь 2015 2227

"Манчестер Юнайтед" жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал АПЛнинг 18 турида "Сток Сити"га қарши ўйинда учралган 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жамоа вице-президенти Эд Вудворд билан учрашган ва улар мавжуд вазият юзасидан мулоқот қилишган.

Вудворд 64 ёшли ушбу мутахассисга кетма-кет 4 мағлубиятдан кейин ҳам ишлашда давом этиш ва хатоларни тўғрилаш мумкинлигини айтган.

The Times нашри хабарига кўра, ван Гаал бундан бир ҳафта олдин "Норвич" билан ўйиндаги мағлубиятдан кейиноқ истеъфога чиқишга тайёрлигини билдирган. У жамоани инқироздан олиб чиқиш қўлидан келмаслигини айтган.

Ўшанда ҳам жамоа раҳбарияти мураббийга ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирганди.

Ҳозирда ван Гаал вазиятни ўнглай олишига умуман ишонмаяпти ва кейинги турда "Челси" билан ўйиндан кейин кетма-кет бешинчи мағлубият қайд этилиши мумкин.

"Сток Сити"га қарши ўйиндан кейин мураббий футболчиларини футбол ўйнашдан қўрқишда айблаганди.

У журналистнинг шу борадаги саволига "Ҳа. Мен шу вақтгача уларга ишониб келардим. Шу вақтгача", дея жавоб берган.

Эслатиб ўтамиз, жамоанинг охирги машғулотига Луи ван Гаал келмади. Унинг ўрнинг Райан Гиггз футболчиларни шуғуллантирди.

Ундан аввалроқ Луи ван Гаал истеъфога чиқарилса, Гиггз жамоани мавсум охиригача бошқариши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатилганди.

Кўпроқ янгиликлар