2015 йилда ўзбек фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz сайти улардан айримларини хотирлаб ўтди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида туғилганлар.
Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирдилар. Олий маъҳадни битиришлари биланоқ «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ишладилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980-мелодий санада имтиёзли тамомлаб, юртга қайтдилар.
Сўнгра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.
Шу йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари собиқ совет Олий кенгашига депутат этиб сайландилар. Шайх ҳазратлари собиқ совет иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ совет иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди. Шайх ҳазратларининг Горбачёв билан бевосита мулоқотларидан сўнг коммунистик тузумнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгаришлар сезила бошланди. Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан собиқ иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Шайх ҳазратларининг кўплаб талабларига биноан, Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, ана шу даврда шайх ҳазратлари мусулмонларнинг тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб бордилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йилларда илмий ва даъватга ҳамда диний маданиятни оширишдаги фаолиятларга ўзларини бағишлаганлар.
Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эдилар.
Шунингдек, шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Либия Жамоҳирийяси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 6 жузли “Тафсири Ҳилол”, 39 жузли “Ҳадис ва Ҳаёт”, 5 жузли “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, 3 жузли “Кифоя шарҳи мухтасари виқоя”, 3 жузли “Руҳий тарбия”, 4 жузли “Шарҳи адабул муфрад”, 2 жузли “Яхшилик ва силаи раҳм китоби”, “Иймон”, “Васатийя — ҳаёт йўли”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Шоядки тақводор бўлсак”, “Поклик иймондандир”, “Ҳаж ибодати”, “Исломда инсон ҳуқуқлари”, “Исломда оила”, “Тарих омонатдир”, “Жамият кўксига урилган ханжар”, “Ислом мусаффолиги йўлида”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Рамазонни қандай қаршилаймиз”, “Ислом ва атроф муҳит муҳофазаси”, “Сунний ақийдалар”, “Усулул фиқҳ”, “Ақоид илми”, “Самарқандлик уламолар”, “Бозор”, “Исроф”, “Очиқ хат”, “Зуҳд ва ҳаё” каби 100 дан ортиқ китоблар ва интернет саҳифалар муаллифи эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этдилар. Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" "Шайх Зайниддин бува" (Кўкча) қабристонига дафн этилдилар.

Академик Зокиржон Cалимов (1940-2015)

Зокиржон Салимов 1940 йили ишчи оиласида туғилган. 1962 йили Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, мазкур олий ўқув юртида аспирантурада таҳсил олган. 1967 йилда номзодлик, 1976 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1987 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 50 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти катта ўқитувчиси, доценти, профессори, кафедра мудири, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Кимё институти директори, Умумий ва ноорганик кимё институти раҳбари каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган ва юртимизда кимё-технология соҳасидаги долзарб илмий масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.
Зокиржон Салимовнинг кимёвий технология жараёнлари ва қурилмалари соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган дарслик ва ўқув қўлланмалари, кўплаб мақола ва рисолалари илмий жамоатчиликка яхши маълум. Айниқса, унинг раҳбарлигида яратилган нефть-газ конденсати аралашмаларини сувсиз ҳайдаш технологияси ҳозирги кунда мамлакатимиз нефтни қайта ишлаш заводларида самарали қўлланаётганини таъкидлаш жоиз.

Академик Абатбай Даулетов (1942-2015)

Абатбай Даулетов 1942 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида туғилган. 1964 йилда Қорақалпоғистон давлат педагогика институтини тугатиб, шу даргоҳда ўқитувчи бўлиб иш бошлаган. Сўнгра Ленинград давлат университети аспирантурасида таҳсил олган. 1972 йилда номзодлик, 1992 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Жонкуяр ва фидойи олим ўзининг 50 йиллик илмий фаолияти давомида Қорақалпоқ давлат университетида доцент, кафедра мудири, факультет декани, профессор лавозимларида ишлади. Қорақалпоқ тилшунослигига оид долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Унинг қорақалпоқ тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишлаб ёзган ўнлаб монография, мақола ва рисолалари, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Тарихчи-профессор Ҳамид Зиёев (1923-2015)

Ҳамид Зиёев 1923 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1989), тарих фанлари доктори, профессор (1968), Тошкент педагогика институтининг тарих факультетини тугатган (1946).
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти илмий ходими (1950—63), янги тарих шўъбаси мудири (1964—65), илмий ишлар бўйича директор ўринбосари (1965—85). 1996 й.дан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида етакчи илмий ходим.
Ҳамид Зиёевнинг илмий ишлари Ўрта Осиё, Россия ва Шарқий Туркистон тарихи, 14—20-асрлардаги Ўзбекистон тарихини ўрганишга оид. Ҳамид Зиёев Туркистон мустамлака даври тарихи муаммолари билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борган.

“Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш (18—20-аср бошлари)” (1998), “Истиқлол маънавият негизи” (1999), “Тарих — ўтмиш ва келажак” (2000), “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” (2001) каби китоблари чоп этилган.

«Жасорат» медали билан мукофотланган (1994).

Тарихчи-профессор Гога Ҳидоятов (1930-2015)

Тарихчи, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Гога Аброрович Ҳидоятов 1930 йилнинг 9 май куни Тошкент шаҳрида машҳур драма актёрлари Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраеваларнинг оиласида дунёга келган. М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўқиган.
1958 йилдан бошлаб турли илмий муассасаларда фаолият юритиб келди. Ўз илмий фаолиятини ЎзССР ФА Шарқшунослик институтида катта илмий ходим сифатида бошлади; 1994-1999 йилларда Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори бўлди. 2005 йили пенсияга чиқди, лекин илмий фаолиятини тўхтатиб қўймади ва умрининг охирига қадар ёзишда давом эттирди.
15та монография, 100дан ортиқ илмий мақолалар, жаҳоннинг янги тарихи бўйича қатор дарсликлар муаллифи. Эдвард Оллвортнинг The Modern Uzbeks (Замонавий ўзбеклар) китобининг алоҳида бобларини инглиз тилидан таржима қилди. “Тюркская цивилизация” (Турк цивилизацияси) китоби устида ишлади ва уни якунлашга улгурди.

Собиқ Бош Вазир Ўткир Султонов (1939-2015)

Ўткир Султонов 1939 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Томск политехника институтини тамомлаган. 1995-2003 йилларда Ўзбекистон ҳукуматини бошқарган, унгача Ташқи иқтисодий алоқалар вазири ва бош вазир ўринбосари сифатида фаолият кўрсатганди.
2003-2006 йилларда у яна Ўзбекистон бош вазири ўринбосари сифатида ишлаган, 2006 йилдан 2011 йилгача Чкалов номли Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (ГАО «ТАПОиЧ») бош директори сифатида ишлаган. 

Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов (1933-2015)

Ҳусниддин Шарипов (1933.10.2, Поп шаҳри - 2015) - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1983), Ўзбекистон халқ шоири (2012).
Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ўрмон-мелиорация факултетини тугатган (1949—54). «Наманган ҳақиқати» газетасида адабий ходим ва масъул котиб (1956—60), «Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий котиб (1960-62), «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири (1962-69; 1976-77; 1982-83), Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1984—93) бўлиб ишлаган.
Дастлабки тўплами — «Ниҳол» (1956). Ҳусниддин Шарипов «Кўнгил буюргани» (1961), «Қуёшга ошиқман» (1963), «Тупроққа қасида», «Ернинг қалби» (1965), «Мен сизга айтсам» (1968), «Лирика» (1970), «Ҳаяжонли дақиқалар» (1980), «Оҳ, гўзал» (1981), «Хирмон» (1985), «Яна висол» (1987), «Ёр истаб» (1992) сингари шеърий китоблар ҳамда «Дўстим Тожиддин» (2001) номли воқеий қисса муаллифи.
Ҳусниддин Шариповнинг шеърий ижодида оназаминга чексиз муҳаббат, ўз меҳнати ва бунёдкорлик фаолияти билан мамлакатнинг гуллаб-яшнаши йўлида тер тўкаётган замондошларга ҳурмат, юксак инсоний қадриятларга садоқат туйғулари тасвири устуворлик қилади.
Ҳусниддин Шариповнинг шеърий ижодида достоннавислик муҳим ўринни эгаллайди. У, айниқса, 60—70-йилларда достон жанрида самарали ижод қилиб, шу давр ўзбек достоннавислиги тараққиёт тамойилларини белгилаб берган: «Қуёшга ошиқман» (1961), «Боғ кўча болалари» (1962), «Тановар» (1965), «Сотволдидан салом» (1968), «Қилмиш-қидирмиш» (1976), «Инсоф диёри» (1979), «Қалтис юриш» (1999) ва б. Илмий-техник тараққиёт даврининг маънавий муаммоларига бағишланган «Бир савол» (1972) шеърий романи ҳам бор.
Ҳусниддин Шариповнинг «Сени севаман» (1958), «Ота ўғли» (1964), «Афсона» (1975), «Чоллар ва кампирлар» (1979), «Карвон бехатар бўлмас» (1986), «Ёр истаб» (1993) сингари пьесалари республикамиздаги мусиқали драма театрларида саҳналаштирилган. Бир қанча шеърлари қўшиқ бўлган.
Жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2000).
Ёзувчи Жонрид Абдуллахонов (1929-2015)
Жонрид Абдуллахонов 1929 йили Наманганда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультети, Москва Олий Адабиёт курсини тугатган.

Унинг «Мактабдошларим» (1952) номли биринчи шеърий тўплами, «Ҳикоялар» (1956), «Тўйга келинглар» (1960), «Тонг ёришган соҳилда» (1962) каби ҳикоялар тўпламлари, «Гулчеҳра» (1962) қиссаси, «Йўл» (1964) романи чоп этилган. Шундан сўнг муаллифнинг кетма-кет «Борса келмас» (I — II китоб, 1978—1980), «Хонадон», «Суиқасд» (1991) каби романлари чоп этилади.
«Борса-келмас» романида Орол муаммоси, она табиат муҳофазаси масалалари ўз ифодасини топган. «Суиқасд» романида эса меҳнаткашларнинг ҳақига хиёнат қилган, жамиятни маънавий-иқтисодий инқирозга олиб келган юлғич, порахўр ва кўзбўямачиларнинг афт-башараси фош этилган. 

Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов (1934-2015)

Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек кинематографиясининг олтин фондидан ўрин олган кўплаб фильмларнинг бош рол ижрочиси, дубляж санъатининг моҳир устаси Обид Юнусов 1934 йили Тошкентда туғилган. Юнус Ражабийнинг ўғли. Тошкент театр ва рассомлик санъати иниститутини тугатган (1956). 1956—1998 йиллар Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да ишлади.
Эркин («Айтсам тилим, айтмасам дилим»), Қаюм («Юрак ёнмоғи керак»), Холмат («Бой ила хизматчи»), Аббос («Мирзо Улуғбек»), Маъмур («Келинлар қўзғолони»), Кирилл («Оқшомдан тушгача»), Ёрмат («Қутлуғ қон»), Сино («Абу Али ибн Сино»), Ўткурий («Парвона») каби образлари билан театр саҳнасидан мустаҳкам ўрин олди. У бир қанча фильмлар («Армон», «Тўйлар муборак», «Чинор остидаги дуэл», «Чаён гул», «Шайтанат», «Шарпа» ва бошқалар)да ҳам суратга тушган.
Дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989), »Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган (2003).

Ўзбекистон халқ артисти Тўйчи Орипов (1928-2015)

Тўйчи (Мирҳосил) Орипов 1928 йили Тошкентда туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1953). Қўқон театрида (1953—58), Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида (1987—94), Ҳамза театрида (ҳозирги ўзбек миллий академик драма театрида) (1951—53; 1958—87; 1994 йилдан) актёр бўлиб ишлаган.
Тўйчи Орипов драматик, фожиавий ва комик роллар, айниқса, ўткир характерли, салбий образлар устаси сифатида танилган. Яратган образлари ҳаётий, ифода воситалари аниқ ва ишонарли бўлиб, қаҳрамонларининг ички дунёси, маънавий ҳолати ва характерини тўлиқ очишга интилади.
Театрда Лембет (Э.Тўйчи Орипов Ота ролида («Бир қадам йўл»), Раннет, «Оқпадар»), Йўлчи, Ҳакимбойвачча (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Синтаро (М. Каору, «Ўғирланган умр»), Ғойиб (Уйғун, «Қотил»), Салас Ина (Э. Роблес, «Монсерра»), Солиҳбой (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Маҳмуд Ғазнавий (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний»), Маҳкам (С. Аҳмад, «Келинлар қўзғолони»), Бобобеков (Ш. Холмирзаев, «Қора камар»), Шайбонийхон (П. Қодиров, «Юлдузли тунлар»), ота (У. Азим, «Бир қадам йўл») каби роллар билан театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Шунингдек, видеофильмлар (Амир Жондор, «Улуғбек хазинаси»; Муҳиддин Жабборович, «Гирдоб»; Исҳоқ, «Ғулғула»; Санжаров, «Имон»; Мажиддидин, «Навоий»; Қудратхўжа, «Диёнат» ва б.), кинода (Раис, «Абдуллажон»; Мавлон, «Сайёд қўнғироғи»; Ғанибойвачча, «Амирнинг хуфиёна саёҳати»; Йўлдошев, «Иккинчи айлана бўйлаб»; Куёв, «Қариб қуюлмаган»; Бобо, «Осмондаги болалар» ва б.) ҳам суратга тушган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989). «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).

Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев (1941-2015)

Ўлмас Алихўжаев 1941 йили Урганчда туғилган. Тошкент Давлат театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1964). 1962—96 йилларда «Ўзбекфильм»да актёр, 1996 йилдан «Ўзбеккино» компаниясида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.

40 дан ортиқ фильмда суратга тушган. Асосий роллари: Али Қушчи («Улуғбек юлдузи»), Музаффар («Наташахоним»), Отабек («Ўтган кунлар»), Ёдгор Ҳамидов («Шиддат»), Ғулом Аҳмедов, Сафоев («Тинчлик кунлари», «Кул остидаги чўғ», Тожикфильм), Сулаймонов («Давлат чегараси», Белорусфильм) ва б.