Россия ва Туркия ўзаро ихтилофнинг чуқурлашишидан қочишга ҳарчанд уринмасин, 2016 йилда муаммо барибир жиддийлашади. Бундай хулоса АҚШнинг Stratfor разведка-таҳлил компанияси тайёрлаган ҳисоботда келтирилди.

Тахмин қилинишича, Туркия Сурия шимолида ҳарбий акцияни амалга оширади, Ироқ шимолидаги контингетини ҳам кўпайтиради. Бунда расмий Анқара нафақат ИШИДга қарши туришни, балки Сурия курдларини тутиб туришни ҳам мақсад қилади. Умуман олганда, экспертлар фикрича, 2016 йилда Туркия минтақадаги мавқеини ошириб олади.

Stratfor келган хулосаларга биноан, бу ҳаракатлар Туркиянинг Россия ва Эронга қарши туришига олиб келади. Россия Туркия билан ихтилофга боришни истамаса ҳам, бундан қочиб бўлмайди. Қора ва Ўрта Ер денгизларига чиқиш йўллари Анқара назорати остида эканлиги Россияни ташвишга солмоқда.

Бундан ташқари, Россиянинг минтақадаги ихтилофга алоқадорлиги кўплаб таркибий қисмларга бўлиниб кетади ва Москва бир пайтнинг ўзида кўплаб муаммоларни ҳал қилишига тўғри келади.