Республика Бош прокуратураси ташаббуси билан Самарқанд вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят прокуратураси органлари ҳамда соҳага дахлдор бошқарма ва муассасалар вакиллари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, тадбиркорлар иштирок этди.

Uztimes.uz нашрининг маълум қилишича, Самарқанд вилоятида ҳозирги кунда қарийб 16 минг тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда. 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида минг нафарга яқин тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлади. Натижада кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 77,6 фоизни ташкил этди ва уларда аҳолининг 83,3 фоизи иш билан таъминланди.

Учрашувда Бош прокуратура томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бажарилган ишларга тўхталиб ўтилди.
– Жорий йилнинг 9 ойида 532 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашув ва ноқонуний текшириш ўтказилганлиги, 953 та ҳолатда ноқонуний қарорлар қабул қилинганлиги, 100 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаатини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги, 2 мингдан зиёд ҳолатда давлат органлари томонидан ортиқча йиғим ва маълумотлар талаб қилинганлиги аниқланган, – дейди республика Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Аслиддин Тошпўлатов.

Прокуратура мутасиддисининг айтишича, ушбу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида қонун доирасида зарур ишлар амалга оширилган. Натижада 6 мингдан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Қонун талабларини қўпол равишда бузиш ва тадбиркорга жиддий зиён етказиш ҳолатлари бўйича 78 та жиноят иши қўзғатилган.