Бугун, 29 декабрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги маданият ва санъат саройлари қаршисида “Президент арчаси” байрам тадбирлари бошланади. Мазкур тантаналарга биринчи навбатда “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари, “SOS – болалар маҳалласи” тарбияланувчилари, шунингдек, ота-она меҳридан маҳрум болалар таклиф этилади.

Тантанали маросимни юқори даражада ташкил этиш учун Халқ таълими вазирлиги, «Sen yolg'iz emassan» Республика жамоат болалар фонди ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда болалар учун турли хил совға-саломлар тайёрланди.

Масъул ташкилотлар Президент совғаларини Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига етказиш бўйича зарур ишларни амалга оширишди.