2015 йил давомида бутун дунё бўйлаб иш вақтида ва номаълум сабабларга кўра ҳалок бўлган журналистлар сони 110 нафарни ташкил этган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг "Чегара билмас журналистлар" ташкилоти ҳисоботида келтирилишича, ҳалок бўлганларнинг 67 нафари ўз касби туфайли ҳалок бўлган.

"Журналистлар ўз жонларини хавф остига қўйиб, ҳукуматни ва бошқа соҳаларни танқид қилгани учун қалтис шароитларда ишлашади ва яшашади. Статистикадан кўришимиз мумкинки, журналистларга нисбатан зўравонлик қўлланиши ҳолатларини камайтириш учун қўлланган чоралар самарасиз бўлмоқда", дейди ташкилот вакили Бритт Хильберт.

"Айни вақтда журналистлар фаолияти учун энг хавфли ҳудуд Сурия бўлиб қолмоқда. Гарчи бу мамлакатда жорий йилда ўтган йилдагидан (13 нафар) кўра камроқ журналист ҳалок бўлган бўлсада, шундай", дейди у.

Шунингдек, журналистлар фаолияти учун кўп даражада хавфли бўлган ҳудудлар сирасига Ироқ, Бразилия, Бангладеш, Жанубий Судан ва Яман ҳам киради. Бу йил биринчи марта журналистлар учун хавфли мамлакатлар қаторидан Франция ҳам ўрин олди. Бу мамлакатда шу йилнинг бошида, 7 январь куни Charlie Hebdo газетаси таҳририятига ҳужум уюштирилган ва жангарилар 10 нафар ходимни ўлдиришганди.