Исроил олий суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Эхуд Ольмертга қарши коррупция ишларидан бири бўйича 2014 йилда қабул қилинган ҳукмни қайта кўриб чиқди.

2014 йилда Тель-Авив округ суди Ольмертни 6 йиллик қамоқ ва 1 млн шекел (290 минг доллар атрофида) миқдоридаги жарима жазосига ҳукм қилганди. У Қуддус (Иерусалим) мэри лавозимини эгаллаб турган пайтида Holyland турар-жой мажмуаси қурувчиларидан 144 минг доллар, яна бошқа иш бўйича эса 17 минг доллар пора олганликда айбланганди.

Эндиликда инстанция суди ҳукмни қайта кўриб чиқиб, жазони 18 ойга пасайтирган.

Суд уни бошқа бир коррупция жиноятида ҳам айблаб, унга 8 ойлик қамоқ ва 25 минг доллар миқдорида жарима жазоси тайинлаганди. Суд уни америкалик ишбилармон Моррис Таланскидан пора олганликда айбдор деб топганди. Бироқ, бундан олдинроқ бу ҳукм ижроси номаълум муддатга қолдирилди.

Ольмерт 1993-2003 йилларда Қуддус шаҳри мэри вазифасини ўтаган. Айнан ўша вақтда унинг “Ҳолилэнд” турар жойи мажмуаси қурилишига рухсат беришда пора олганлиги айтилмоқда.

У бош вазир лавозимида 2006 йил апрелидан 2008 йил сентябрига қадар фаолият олиб борган.

Эхуд Ольмерт 2008 йилда ўзига нисбатан бир қатор айбловлар илгари сурилгач, Исроил бош вазирлигидан истеъфога чиққанди.

У мамлакат тарихида мажбуран ўз лавозимини тарк этган ва кейин судга тортилган ягона бош вазир ҳисобланади.

Ольмерт барча айбловларни инкор қилган, лекин судда ўзининг айбсизлигини исботлаб бера олмаган.