АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг билдиришича, Ироқ ҳарбийлари Рамади шаҳрини ИШИД жангариларидан тўла озод қила олмаган ва шаҳарнинг бир қисми ҳамон жангарилар қўлида қолмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар қилинган.

"Рамади ҳали ҳам хавфсиз ҳудудга айлантирилмади. Шаҳарнинг баъзи туманларида назорат қўлга олинмаган", дейилган хабарда.

Шунингдек, Керрининг қайд этишича, Ироқ миллий байроғи шаҳар марказидаги ҳукумат биноси тепасида ҳилпираб турибди ва бу жангарилар шаҳарни бой берганини англатади.

У Ироқ ҳукуматига америкаликлар Рамади атрофини ва бошқа ҳудудларни жангарилардан тозалашда ёрдам беришини ваъда қилган.

Ироқ армияси 27 декабрь куни 2014 йилнинг ёзидан буён ИШИД қўлида қолаётган Рамади шаҳри озод этилганини эълон қилди. Шу куни Анбар вилояти маркази бўлмиш шаҳарнинг 80 фоизи озод қилингани ҳақида вилоят губернатори Суҳайб ар-Рави томонида баёнот берилди. Бу шаҳар Ироқнинг энг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади. Ироқ ҳарбийлари шаҳар қамал қилинишидан олдин, шаҳарликларга Рамадини вақтинчаликка тарк этишни сўраб, варақалар ташлаганди.

Ироқ бош вазири: 2016 йил Ироқнинг ИШИД устидан ғалаба қиладиган йили бўлади