Куба шарқидаги Сантьяго-де-Куба вилоятида юз берган йўл транспорт ҳодисаси туфайли 13 киши ҳалок бўлди ва 34 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда 29 декабрь куни маҳаллий Informacion нашрига асосланган ҳолда ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, иккита юк машинаси мамлакат пойтахти Гаванадан 870 км масофадаги ҳудудда ўзаро тўқнашган. Қурбон бўлганлардан етти нафари аёл, яна 1 нафари ёш бола бўлган.

Бундан ташқари, жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилганлардан 5 нафари оғир аҳволда экани айтилган.

Полиция ҳодиса сабабларини ўрганишга киришган.