Хитойнинг назорат-тафтиш бошқармаси давлат идораларида ўтказган аудиторлик текширувлари натижасида 250 млрд юандан (38,5 млрд доллар атрофида) кўпроқ бюджет маблағлари ноўрин сарфланганини аниқлади. Бу ҳақда Global Times газетаси маълум қилди.

Назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғи Лю Цзяининг айтишича, унинг бошқармаси 20 мингдан кўпроқ амалдор шахсга нисбатан текширув ўтказган ва 250 млрд юань ноўрин ишлатилганини аниқлаган. 321 нафар расмий шахсга нисбатан текширув материаллари суд идораларига ҳамда Хитой Компартияси марказий комиссиясига интизомни текшириш учун топширилган.

Аввалроқ Xinhua агентлиги жорий йилнинг январидан ноябригача давлат компаниялари ва институтларини текшириш давомида аудиторлар Хитой бюджетига 58,6 млрд долларни қайтаришга муваффақ бўлишганини маълум қилганди.