Поёнига етаётган 2015 йил Ўзбекистон маданияти учун ҳам муҳим воқеликларга бой тарзда ўтди. Кўплаб маданий тадбирлари нафақат юртимиз, балки бутун дунёдан келган минглаб эзгу мақсадли инсонларни жамлади. Қуйида юртимизда йил давомида бўлиб ўтган энг муҳим тадбирлар, эришилган ютуқларни қисқача тарзда эътиборингизга ҳавола этамиз.

***

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Туркистон” санъат саройида сўз мулкининг султони буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги муносабати билан “Назм ва наво кечаси" , буюк шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллиги муносабати билан "Нафосат гулшани" адабий-бадиий, мусиқий, театрлаштирилган кеча ташкил этилди. Мазкур бадиий кечалар Бухоро, Андижон, Наманган вилоятларида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги 2256-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Дийдор” театр-студияси томонидан Зулфиянинг ҳаётидаги яхши ва ёмон кунлари, таассуротлари, тасаввурлари, ички кечинмалари, севгиси, оиласи ота-онаси, ўтмиши, ҳурлик соғинчи ҳақидаги хотираларидан сўзловчи "Хотирам синиқлари" достони асосида "Ёдим синиқлари" спектакли саҳналаштирилди.
Етук режиссёр Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилиб, илк марта Тошкент шаҳрида томошабинлар ҳукмига ҳаво этилган мазкур спектакль республикамизнинг барча вилоятларида намойиш этилди.

***

Жорий йилда “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали юқори савияда ташкил этилди. Фестивалнинг нуфузи ва қамрови тобора ортиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро маданият ташкилотлари, машҳур санъат намояндалари унда қатнашиш истагини билдирмоқда. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 66 давлат санъаткорлари ташриф буюрди.

***

Халқимиз орасидан етишиб чиқаётган ёш иқтидор эгаларини асраб авайлаш, уларнинг имкониятларини тўла рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида 2000 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловининг якуний босқичи ўтказилиб, мазкур мукофотига сазовор бўлган ёшлар сони 167 нафарга етди.

***

 

“Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичларида жами 57 632 нафардан зиёд иштирокчилар қатнашди. Улардан 28 нафар хонанда, 3 нафар дуэт ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли танловнинг якуний босқичида иқтидорларини намойиш этдилар.

***

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ёш созандаларнинг “Созлар навоси”, Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочилари кўрик-танловлари, “Санъат мактаби” телефестивали, “Ёшлик баҳори” республика ёш опера ижрочиларининг республика очиқ кўрик-фестивали, “Онам айтган аллалар” фестиваллари каби тадбирлар билан биргаликда жорий йилда бир қатор янги лойиҳалар амалга оширилди.

***

2015 йилда илк марта ташкил этилган “Ёшлик завқи” номли балет ва замонавий рақс ижрочилари фестивали, халқаро рақлар гултасига айланган “Рақс сеҳри” танлови, Ёш мақом ижрочилари кўрик-танлови, “Ижодимиз сенга, Ватан!” номли ёш бастакорлар республика танлови каби тадбирлар ёш санъатсеварлар учун ҳақиқий ижод майдони яратди.

***

Ёш ижодкорларнинг “Актёр ижодида рақс санъати” I кўрик-фестивали, ўзбек санъати ва халқ ижодиёти дурдоналарини асраш, ёшлар онгу шуурига сингдириш мақсадида ташкил этилган “Хуш кайфият" қизиқчи ҳамда сўз усталари республика танлови, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги маданият ва санъат коллежларининг актёрлик ва режиссёрлик йўналишидаги ўқувчилари ўртасидаги “Йилнинг энг яхши саҳна асари” Республика кўрик-танловлари ўтказилди.

***

Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодда ватанпарварлик ҳиссини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат ва фидоийлик руҳида тарбиялаш, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм каби салбий иллатларга қарши курашиш мақсадида ёшлар фестиваллари ўтказилди.

***

2014 йил 11 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 189-cонли қарори асосида 2–8 сентябрь кунлари Республика миқёсида “Музейлар ҳафталиги” маданий-маърифий тадбирлари ўтказилди.

***

2015 йил мобайнида театр жамоалари томонидан 6 мингдан зиёд спектакл намойиш этилди. Маданият муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари, ҳайвонот боғлари, музейлар томонидан 104 773 та тадбир ўтказилган. Уларда 25 млн. дан ортиқ аҳоли иштирок этган.

***

Жорий йилда 97 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази, 26 та маданият ва истироҳат боғи фойдаланишга топширилди.

***

“Ўзбекцирк” республика бирлашмасида 651 та томоша намойиш этилган, шундан 548 таси кўчма цирк томошалари (Шапито) қишлоқ жойларда ташкил этилди.

***

2015 йилнинг сентябр ойида “Миллий ва халқаро танлов, фестивалларда ғолиб бўлган иқтидорли ёшлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ўсиб келаётган авлодда ватанпарварлик ҳиссини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Улуғимсан, Ватаним!” акцияси” ўтказилди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ахборот хизмати маълумотлари асосида тайёрланди