Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижлик 30 нафар мухбирга аккредитация берган. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълум қилинган.

"Давлат муассасалари, компаниялар, жамоатчилик ташкилотларининг кўплаб мурожаатлари муносабати билан шуни хабар қиламизки, 2015 йил 29 декабрь ҳолатига кўра хорижий ахборот агентликлари, телеканаллари ва бошқа ОАВ, шунингдек, 7та мухбирлик пунктлари (бюро) вакиллари бўлган 30 нафар мухбир Ташқи ишлар вазирлигида расман аккредитациядан ўтган.

Мамлакатимизда расман фаолият юритаётган чет эл матбуоти вакиллари ҳақидаги маълумот ТИВ веб-саҳифасида тезкор янгиланади ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларига эълон қилинади. Махсус бўлимда эса хорижий ОАВ вакилларининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтиш тартиби ҳақидаги маълумот ҳам жойлаштирилган", дейилади хабарда.

Аккредитация берилган мухбирларнинг деярли ярми, яъни 14 нафари Хитой ОАВи вакиллари ҳисобланади. Туркия эса 5 нафар журналистини аккредитациядан ўтказган. Шунингдек, Россия, Буюк Британия, Озарбайжон ва Афғонистондан 2 нафардан, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан бир нафардан мухбир Ўзбекстон ТИВ томонидан аккредитациядан ўтказилган.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатиши мумкин бўлган ахборот агентликлари қаторида «АзерТадж» (Озарбайжон), «Синьхуа» (Хитой) ва «Хабар» (Кирғизстон) кабилар қайд этилган. Шунингдек, «Arezu Radio TV» (Афғонистон) ва «ТRТ» (Туркия) телерадиокомпаниялари, «Цзинцзи Жибао» (Хитой), BBC World Service Monitoring (Буюк Британия) каби нашрлар ҳам шу рўйхатда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаган мухбирларнинг мамлакатда профессионал тарзда фаолият кўрсатиши тақиқланади.